Ўзбекистонда марказий технологиялар трансфери офисини (ТТО) ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди
2024-11-20 10:30:00 / Янгиликлар
Унда Ўзбекистон томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоев, Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директори Фарҳод Жумаев ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Учрашувда икки давлат ўртасида олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ишларни кенгайтириш, жумладан интеллектуал мулк ва илмий ишларни ҳимоялаш, АҚШ Савдо вазирлигининг Савдо ҳуқуқини ривожлантириш дастури ( CLDP) дастури асосида Ўзбекистонда марказий технологиялар трансфери офисини (ТТО) ташкил этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотда Ўзбекистонда илм-фан ва инновация салоҳиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилиб, сўнгги 7 йилда илмий даражали педагоглар улуши республика бўйича 32,7 фоиздан 45 фоизга ўсгани, мазкур соҳага давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 3 баробарга ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми 3,5 баробарга оширилгани алоҳида қайд этилди.
Шу ўринда, АҚШ ҳукумати томонидан мамлакатимизда CLDP дастурига асосан патентлаш, бозор тадқиқотлари ва маркетинг бўйича семинар ва тренинглар олиб борилаётгани олимларимиз ва тадқиқотчиларимизга ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга, шунингдек, халқаро илмий ҳамжамият билан интеграциялашувга замин яратганини таъкидлашди.
Учрашув якунида юртимизда CLDP дастури томонидан марказий технологиялар трансфери офисини (ТТО) ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ва ушбу лойиҳани амалга ошириш механизмларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.