Хитой билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2024-11-19 18:20:00 / Янгиликлар
Учрашув чоғида 2024 йилнинг 8-11 ноябрь кунлари Хитойнинг Чжэцзян провинцияси Ханчжоу шаҳрига ташриф доирасида Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ва Чжэцзян технология университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги илмий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берганлиги қайд этилди.
Меморандумга асосан Чжэцзян технология университетида “Марказий Осиёда фазовий-вақт кузатувлари ва барқарор ривожланиш халқаро қўшма лабораторияси” очилди.
Қўшма лабораторияда бугунги глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ресурслари бошқарувида инновациялар жорий қилиш, сунъий интеллектдан фойдаланиб таълим, фан, ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларни ривожлантиришнинг янги моделини яратишга оид янги изланишлар олиб борилади.
Учрашувда мазкур лаборатория филиалини Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтида ташкил этиш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамли бошқариш тизимини жорий қилиш ва масофадан зондлаш мониторинги бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича фикр алмашилди.