ИССВ Бокудаги COP29 тадбирларида иштирок этди
2024-11-15 12:30:00 / Янгиликлар
Тадбирнинг воқеаларга бой дастури доирасида “Молия, инвестициялар ва савдо куни”нинг очилиш маросимида, саммит доирасида ташкил этилган қатор панель мунозаралари, вазирлар йиғилиши ва сессияларида иштирок этилди.
Лазиз Кудратов “Иқлим, инновациялар ва яшил иқтисодиёт бўйича ТДТ ҳамкорлиги” вазирлар йиғилишида қутлов нутқи билан сўзга чиқиб, энергетика соҳасига янги технологияларни жорий этиш орқали иқтисодиётнинг яшил трансформацияси ва барқарор келажакни барпо этишнинг устуворлигини таъкидлади. Яшил иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг асосий стратегик мақсадлари ҳисобланади.
Мамлакат қайта тикланадиган энергия қувватларини ошириш ва унинг энергетика балансидаги улушини 40 фоизга етказишга интилмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида янги шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилмоқда.
Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди, бу ТДТ давлатларининг IT соҳасидаги илғор тажриба ва ютуқларини ўзаро алмашиш, рақамли инновацион тизимлар, инфратузилма ва илм-фан ҳамда йирик маълумотлар марказларини яратишни такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
“Оролбўйи минтақасида иқлим ўзгаришларига чидамлиликни кучайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш”га бағишланган йиғилишда Орол денгизининг қуриши оқибатларига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар маълум қилинди.
Орол денгизининг қуриб қолган тубида 2 миллион гектардан ортиқ ўрмонзор барпо этиш энг йирик лойиҳалар қаторига киради. 51 минг оиланинг уй-жой ва яшаш шароитлари яхшиланди. Маҳаллий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, жумладан, солиқ имтиёзлари жорий этилди, бу минтақада иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ёрдам берди.
Бундан ташқари, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Орол денгизи ҳавзасидаги ирригация тизимларини модернизация қилишга тизимли равишда сармоя киритилмоқда, бу эса йилига 1,5 миллиард куб метргача сувни тежаш имконини беради. Тажриба тариқасида ҳам амалга оширилган лойиҳалар туфайли бугунги кунда 100 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларида томчилатиб суғориш тизими қўлланилиб, сув сарфи камаймоқда ва қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик оширилмоқда.
Оролбўйида қайта тикланадиган энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва экологик хизматлар соҳаларида 10 мингга яқин иш ўрни яратилиб, “Яшил иқтисодиёт” лойиҳалари ишга туширилди.
Оролбўйи ҳудуди экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинди. Бу, ўз навбатида, ҳудудда яшил ўзгаришлар учун қулай муҳит яратиб, барқарор ривожланиш учун янги имкониятларни юзага келтирди.
БМТ билан ҳамкорликда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ташкил этилди. Жамғарма томонидан 293 мингдан ортиқ аҳоли ҳаётига ижобий таъсир кўрсатган 9 та қўшма лойиҳа учун 16,2 миллион доллари ажратилган.
Шу ўринда Орол денгизи минтақасидаги энг кўп жабрланган жамоалар учун инновацион стратегиялар ва ечимларга устувор аҳамият берган ҳолда Жамғарма фаолиятини 2025-2030 йилларда давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, SPECA мамлакатлари иқлим ва инновациялар бўйича вазирлар йиғилишида ва SPECA мақсадли жамғармасини ишга тушириш маросимида иштирок этилди. Ўзбекистон Дастурнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш шунингдек, иқлим ва инновациялар бўйича доимий кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйиш орқали ихтисослаштирилган SPECA ишчи гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш тарафдори эканлиги қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича яшил иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва замонавий ижтимоий инфратузилма соҳаларидаги йирик лойиҳаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган SPECA кўп шериклик траст жамғармаси ишга туширилди.