Бугундан “InnoWeek.Uz-2024”га старт берилди
2024-11-14 14:15:00 / Янгиликлар

Хорижий илмий-инновацион марказлар, инвестиция жамғармалари, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес инкубаторлар иштирокида бўлиб ўтаётган мазкур тадбир мавжуд инновацион технологиялар билан танишиш баробарида сармоядорларни жалб этиш ва ишончли ҳамкорлар топиш учун ажойиб имкониятдир.
Қолаверса, ҳафталик хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги долзарб вазифалар, мутлақо янги инновацион ривожланиш босқичида устувор вазифалар тўғрисида фикр алмашиш учун муҳим майдон саналади.
Бу йил ҳафталикда Хитой, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Германия, Корея, Испания, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистон каби дунёнинг 30 га яқин давлатларидан жами 150 нафардан ортиқ вакиллар ва элчилар иштирок этадилар. Ҳафталикка Эрон Ислом Республикаси фан, технологиялар ва инновацион иқтисодиёт бўйича витсе- президенти ўринбосари Тураж Амраэ бошчилигида 15 дан ортиқ компания, Таиланд Миллий тадқиқот кенгаши ижрочи директори Випарат Деонг бошчилигида 15 дан ортиқ олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаси вакиллари ва Россия Федерациясининг 20 кишилик делегация вакиллари ҳамда бошқа давлатларнинг олий мартабали меҳмонлари ташриф буюрадилар.
Ҳафталикнинг расмий очилиш маросими 14 ноябрь куни “Ўзекспомарказ” конференциялар залида бўлиб ўтди. Унда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, хорижий ва маҳаллий экспертлар, илм-фан доира вакиллари, профессор-олимлар, инновацион ғоя етакчилари ҳамда ёш ихтирочилар иштирок этди.
Тадбирни Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Олий таълим, фан ва инноватцияр вазири Қўнғиротбой Шарипов, Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шарофиддин Ражаббоев, Таиланд Миллий тадқиқот кенгаши ижрочи директори Wипарат Де-онг, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужиилар кириш сўзи билан очиб бердилар.
Сўнг ҳафталик доирасида ташкил этилган халқаро инновацион маҳсулотлар кўргазмасида 512 та маҳаллий, 34 та хорижий ташкилотлар томонидан “Тижоратлаштириш”, “Стартап” ва “Илмий тадқиқот” лойиҳаларини амалга ошириш натижасида яратилган инновацион маҳсулот намойиш этилди.
Ҳафталик давомида иштирокчиларнинг илм-фан соҳасига оид билим ва кўникмаларини янада ошириш ҳамда тажриба алмашишлари учун қулай муҳит яратиш мақсадида 22 та халқаро форум, конференция ва семинар, 2 та маҳаллий тадбир ҳафталик дастуридан ўрин олган.





