Европа Иттифоқи билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
2023-09-18 13:10:00 / Янгиликлар

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, «яшил» иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш, соғлом ва хавфсиз атроф-муҳитни таъминлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш, экологик таълимни ривожлантириш ва маданият, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда институционал ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида Европа Иттифоқи Делегациясининг Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга содиқлиги юқори баҳоланди.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда EU4Environment Week, eco-challenge #BeTheWave ва WECOOP каби бир қатор экологик дастурларни амалга ошириш ташаббуси билан чиққан.
Учрашувда, шунингдек, ўзаро манфаатли алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
«Яшил энергетика соҳасида инновацион лойиҳаларни кенг жорий этиш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича стратегик аҳамиятга эга дастурларни ишлаб чиқиш ва экологик таълим борасида олиб борилаётган изчил ишлар ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади», – деди Азиз Абдуҳакимов.
Вазирлик 2026 йил охиригача Европа Иттифоқи билан 4 миллион евролик қўшма лойиҳалар ва кимёвий конвенцияларга оид дастурларни амалга оширишга умид билдирди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, хавфли кимёвий ва ишлаб чиқариш чиқиндилари соҳасида ҳамкорлик қилиш учун мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш муҳимлиги таъкидланди.
Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасида ва Ангрен шаҳридаги 42-сонли мактабда 27 минг туп дарахт экиш бўйича «Яшил Макон» умуммиллий ташаббусида Европа Иттифоқи Делегациясига миннатдорчилик билдирилди. Суҳбат чоғида элчиларнинг Тошкент вилоятининг Ангрен ва Янгиобод шаҳарларига собиқ уран конларини тугатиш бўйича жорий йилнинг 8–9-сентябр кунлари бўлиб ўтган сайёр ташрифи алоҳида эътироф этилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда собиқ уран қазиб олинган майдонларни рекултивация қилиш бўйича ишлар Европа Иттифоқи (ЕИ) ташаббуси бўлган ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқарувидаги Марказий Осиё учун Экологик реабилитация ҳисоби (ЭРҲ) томонидан тақдим этилган 9 миллион евро миқдоридаги грант кўмагида давом этмоқда.
Бундан ташқари, учрашувда маҳаллий ва минтақавий экологик муаммоларни ҳал этиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ғоялар, амалиёт ва технологияларни жорий этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон ва бутун минтақанинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган «Green University» — Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг ташкил этилиши ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида Европа Иттифоқи билан БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси, Erasmus+ халқаро ташаббуси доирасида илгари сурилган метан чиқиндиларини камайтириш бўйича глобал мажбурият («Global Methane Pledge»), Ўзбекистонда олий таълим соҳасидаги туб ўзгаришларга катта ҳисса қўшган таълим дастури каби турли қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга умид билдирилди.
Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистон Республикасининг чўлланиш (UNCCD CRIC-21), ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари (CMS COP-14) ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади, шунингдек, ушбу тадбирларда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.


