Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Душанбе шаҳрида Марказий Осиёнинг беш давлати ТИВ раҳбарлари йиғилишида қатнашди
2023-09-14 10:45:00 / Янгиликлар
Марказий Осиё мамлакатлари ТИВ раҳбарлари Душанбеда давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартиби ва унда кўриб чиқиладиган ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

«Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин жанобларига Душанбе шаҳридаги самимий қабул учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, - деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. - Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда вазирлар йиғилишини ўтказдик ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви кун тартиби ҳамда унда кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилдик».
Эслатиб ўтамиз, 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммити бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.