Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-11-25 09:30:00 / Янгиликлар

Учрашувда Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе, шунингдек, жамғарма иқтисодчилари ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан Марказий банк раиси Тимур Ишметов, Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев ҳамда тегишли ташкилотлар масъуллари қатнашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда молиявий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, муҳокамалар жараёнида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:
макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш;
монетар ва фискал сиёсат уйғунлигини таъминлаш ҳамда инфлация даражасини барқарор равишда камайтириш;
давлат бюджети жараёнларини самарали ташкил этиш, бюджет кўрсаткичларини оптималлаштириш ва давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш;
солиқ ва божхона сиёсати ҳамда бошқарувини янада ривожлантириш;
хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор ролини кенгайтириш.
Ўз навбатида, Халқаро валюта жамғармаси вакиллари Ўзбекистондаги иқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини ижобий баҳолади. Шунингдек, глобал ноаниқликларга қарамасдан, мамлакатимизда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.
Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича амалий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.

