Ўзбекистон ва Хитой атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик
2026-11-24 14:10:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Шерзод Ходжаев ва “Ўзатом” агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев Хитой Халқ Республикасига ташриф доирасида Хитой Давлат энергетика бошқармаси директори Ван Хунчжи ҳамда Хитой Атом энергияси агентлиги раиси Шан Чжунде билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда икки мамлакат ўртасида энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, атом энергетикаси йўналишида ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди.
Хитойнинг атом энергетикаси соҳасидаги илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ҳамда илмий-техник салоҳиятидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, атом электр станцияларини хавфсиз ва самарали эксплуатация қилиш, ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида томонлар атом энергетикаси соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
