Инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-11-23 14:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистонда шўрланган қишлоқ хўжалиги ерларини тиклаш, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Келишувга мувофиқ, ҳамкорликнинг дастлабки босқичида компаниянинг махсус препаратлари Тошкент, Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги шўрланган майдонларда буғдой, ғўза ва картошка экинларида синовдан ўтказилади.
Синов ишлари 2027 йил март–ноябрь ойларида фермер хўжаликлари далаларида илмий-тадқиқот институтлари олимлари назорати остида амалга оширилади. Жараёнга компаниянинг техник мутахассислари ҳам жалб этилади.
Ҳамкорликнинг навбатдаги босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 000 гектар майдонда пилот лойиҳани амалга ошириш таклиф этилди. Лойиҳа доирасида шўрланган ерларни тиклаш, экинларни шўр ювиш ва бостириб суғориш усулларидан фойдаланмаган ҳолда етиштириш технологияларини синовдан ўтказиш, шунингдек, картошка, буғдой ва яйлов экинлари самарадорлигини ошириш назарда тутилган.
Мазкур ҳамкорлик натижасида шўрланган ерлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, сув сарфини камайтириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш кўзда тутилмоқда.