Сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
2026-11-23 10:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда мамлакатларимиз Президентларининг ўзаро ишончга, самимий ва дўстона муносабатларга асосланган сиёсати натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва яхши қўшничилик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Жумладан, сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Мулоқот давомида трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сув хўжалиги ташкилотлари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Хамраев элчи жанобларига мамлакатимизда каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш, ирригация ва мелиорация иншоотларини тозалаш ҳамда реконструкция қилиш, сувчилар ва сувдан фойдаланувчилар учун ўқув курсларини ташкил этиш, уларнинг малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.
Шунингдек, соҳада тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини оширишга қаратилган минтақавий тадбирларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, жорий йил август ойида Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё сув хўжалигида иқлим ўзгариши шароитида сув тежовчи суғориш технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этиш» мавзусида минтақавий семинар ўтказилди.
Ноябрь ойи бошида эса пойтахтимизда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси вакиллари учун «Аграр ва сув хўжалиги соҳасида барқарор бошқарув ва самарадорлик» (AgroWater Management) халқаро ўқув-амалий танишув дастури ташкил этилди. Ҳар икки тадбирда Қозоғистон сув хўжалиги ташкилотлари вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
Учрашувда 2025 йил 15 ноябрда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида имзоланган битимнинг аҳамияти қайд этилди.
Шунингдек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ҳамкорлик, 2027 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга раисликни Қозоғистондан қабул қилиб олиши муносабати билан олдинда турган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот якунида сув халқларни бирлаштирувчи, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим омил экани таъкидланиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий сув хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.
