Рақамли ва юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш
2026-11-23 09:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда турк холдингининг энергетика, кўчмас мулк, саноат ва юқори технологиялар соҳаларидаги фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари ҳамда инновацион ечимлари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, компаниянинг электрон тизимлар ва замонавий технологик ечимларни ишлаб чиқиш борасидаги тажрибаси тақдим этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш, илғор технологик ечимларни жорий этиш, шунингдек, “Polat Holding” билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Вазир Шерзод Шерматов компания вакилларини IT Park Uzbekistan фаолияти билан яқиндан танишишга таклиф этди. Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистоннинг АТ-экотизими, маҳаллий АТ-компаниялар имкониятлари ва хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш таклиф этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасида рақамли технологиялар ва юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициявий имкониятларни ўрганиш ҳамда истиқболли ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

