Туркиянинг “OYAK” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди
2026-11-20 10:50:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, кимё ва агрокимё саноати, тоғ-кон саноати ҳамда қурилиш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилди. Жумладан, Бухоро вилоятида газ-кимё соҳасида инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш, унинг техник-иқтисодий асосларини қайта ишлаб чиқиш, шунингдек, Навоий вилоятида тоғ-кон саноати йўналишида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, агрокимё йўналишида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва органоминерал ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасининг бориши юзасидан фикр алмашилди. Мазкур лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, компаниянинг “Янги Тошкент”даги фаолиятини кенгайтириш ҳамда қурилиш лойиҳаларида иштирок этиш билан боғлиқ ташаббуслар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, муҳокамаларда логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва логистика хизматлари кўламини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишида замонавий шифохоналар ташкил этиш ҳамда фармацевтика соҳасини ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
