Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик
2026-11-20 10:50:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида сув хўжалиги соҳасида кўп йиллик самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, 2005 йилдан буён Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги кўмагида сув ресурсларини интеграл бошқариш, институционал ривожланиш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Швейцария томони Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини ишлаб чиқиш жараёнида халқаро тажрибани ўрганиш ва жалб этишга амалий кўмак кўрсатди.
Ҳамкорлик доирасида «SmartWater» ахборот тизими, «TOMCHI» электрон реестри ва бошқа рақамли ечимлар ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилди. Сув хўжалиги мутахассисларининг малакасини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар қамрови йилдан йилга ошиб бормоқда. 2017 йилда бундай технологиялар 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, бугунги кунда 2,8 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг 65 фоизига етди.
2027–2029 йилларда Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиши минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имконият яратади. Бу даврда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва Оролбўйи аҳолиси турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ташаббусларни амалий лойиҳалар орқали рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилади.
Учрашувда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг татбиқ этиш ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги амалий шерикликни янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.

