Янги Бухоро халқаро аэропорти лойиҳаси бўйича учрашув бўлиб ўтди
2026-11-20 10:15:00 / Янгиликлар

Учрашув шу кунларда Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз иштирокида ўтаётган Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон–Туркия юқори даражали кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Учрашувда Limak компанияси томонидан компания акциядори - Серхан Бачаксиз, раис ўринбосари - Месут Серҳат, минтақавий менежер - Ҳамди Гюнеш, бошқарув аъзоси - Ҳакан Ўзтурк, тижорат менежери - Меҳмет Четин, молия менежери - Квангёунг Жеонг иштирок этди.
Томонлар ДХШ лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги босқичларини муҳокама қилди. Компания вакиллари лойиҳани жадаллаштирилган тартибда амалга оширишга тайёр эканлигини тасдиқлади. Учрашувда ДХШ тўғрисидаги битим бўйича музокараларга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар музокараларни ўтказиш ва ДХШ тўғрисидаги битимни қисқа муддатларда имзолашни таъминлаш, шунингдек, ишчи гуруҳларнинг кейинги ҳамкорлик тартибини белгилаб олди.
“Бухоро - мамлакатнинг асосий туристик йўналишларидан бири бўлиб, янги аэропорт лойиҳасини ўз вақтида амалга ошириш биз учун устувор аҳамиятга эга. Мазкур лойиҳа нафақат ишбилармонлик муҳитини яхшилайди, балки мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлайди. Лойиҳанинг барча босқичларида жамоалар билан конструктив ҳамкорлик қилишга ишонамиз”, - дея таъкидлади Limak компанияси вакиллари.
Эслатиб ўтамиз, халқаро тендер натижаларига кўра Лимак - HBK компаниялари консорциуми “Янги Бухоро” халқаро аэропортини ДХШ асосида қуриш ва бошқариш бўйича тендер ғолиби деб топилган эди. Лойиҳа доирасида соатига 1 200 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги йўловчи терминали, вокзалолди майдони, автотураргоҳ, махсус техника ҳудуди ва тегишли инфратузилма билан бирга янги аэропортни қуриш ҳамда узоқ муддатли бошқариш назарда тутилган.

