Ўзбекистон ва Канада аграр соҳадаги ҳамкорлик
2026-11-20 09:30:00 / Янгиликлар

Мулоқотда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий тажриба алмашиш, тупроқшунослик ва чорвачилик йўналишларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Канада илмий-тадқиқот институтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда қўшма тадқиқотлар олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.
Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимизда болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги салоҳият юқори эканини таъкидлаб, ушбу йўналишда канадалик ҳамкорлар билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш мақсадида масъул вакиллардан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклифи билдирилди.

