Ўзбекистон ва Грузия ўртасида аграр ҳамкорлик
2026-11-19 09:15:00 / Янгиликлар

Мулоқотда икки мамлакат ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, зайтун етиштириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот фаолияти, талабалар алмашинуви, ўзаро тажриба алмашиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, узумчилик ва виночилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт-импорт ҳажмини ошириш, чой ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш, хусусан, ушбу йўналишларда пилот лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда ҳамкорликни нафақат музокаралар доирасида, балки амалий ташаббуслар орқали янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда Грузиянинг миллий маҳсулотлари намойиш этиладиган махсус фестиваль ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Мулоқот давомида билдирилган фикр ва ташаббусларда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, уларни босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Грузия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 2027 йилга мўлжалланган режа-тадбирлар имзоланди.


