Рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-11-17 16:20:00 / Янгиликлар

Мулоқотда икки мамлакат ўртасида рақамли иқтисодиёт, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, стартаплар экотизими ва кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда АТ-компаниялар учун яратилган қулай бизнес муҳити, солиқ имтиёзлари, IT Park резидентлари учун мавжуд имкониятлар ҳамда хорижий компанияларни жалб этиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Канададан 11 та компания IT Park резиденти сифатида рўйхатдан ўтгани қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ёш ва салоҳиятли инсон капитали, масофавий хизматлар экспортини ривожлантириш ҳамда мамлакатни минтақавий АТ ва бизнес марказига айлантириш борасидаги имкониятлари таъкидланди. Канада компанияларини Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиш, минтақавий бошқарув офисларини ташкил этиш ва маҳаллий мутахассислар салоҳиятидан фойдаланишга таклиф этилди.
Сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик ҳам мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Ўзбекистонда 5 миллион аҳолининг сунъий интеллект бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ташаббус, Coursera билан ҳамкорлик, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида AI ечимларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Томонлар сунъий интеллектни жорий этишда инсон манфаатлари, янги иш ўринларини яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва очиқ кодли технологиялардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар. Ушбу технологияларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш бўйича халқаро тажриба алмашиш, экспертлар учрашувлари ҳамда қўшма муҳокамалар ташкил этишга қизиқиш билдирилди.
Шу билан бирга, Канада стартап акселераторлари, венчур фондлари ва технологик компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб қилиш, таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва академик алмашинув дастурларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув Канада элчи Канада компанияларининг Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни илгари суришга тайёрлигини билдирди.

