Аграр соҳадаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилмоқда
2026-11-16 10:15:00 / Янгиликлар

Мулоқотда икки давлат ўртасида озиқ-овқат хавфсизлиги, савдо-иқтисодий алоқалар ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини 2–3 баробар ошириш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар экспортини кенгайтириш мақсади белгиланди.
Шунингдек, Тошкент–Маскат-тўғридан-тўғри авиақатновлари орқали ҳаво юк ташувларини йўлга қўйиш, Ўрта йўлак ва бошқа муқобил транспорт йўналишларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистондан Ўмон Султонлигига мева-сабзавот, қуритилган мевалар ва ёнғоқ маҳсулотлари экспортини, Ўмон Султонлигидан эса денгиз маҳсулотлари ва хурмо импортини кенгайтириш бўйича фикр алмашди. Озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш, балиқчилик ҳамда органик ўғит ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Ўмон Султонлиги томони Ўзбекистоннинг агрокластер ва кооперация модели, қишлоқ хўжалигини имтиёзли кредитлаш, суғурталаш ҳамда ҳосилдорликни рағбатлантириш тизимига катта қизиқиш билдирди. Ушбу тажрибани ўрганиш учун техник гуруҳ тузиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, ғаллачилик, уруғчилик, сув тежовчи технологиялар, ҳалол сертификатлаш, озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги, илм-фан ҳамда кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди. Ўзбек компанияларининг Ўмон Султонлигида ҳар йили декабрь ойида ўтказиладиган қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон томони озиқ-овқат тизимлари учун «7D» концепциясини ҳам тақдим этди. Маълумотлар, диверсификация, лойиҳалаш, интизом, амалий ижро, ўзаро боғлиқлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган ушбу ёндашув Ўмон Султонлиги томони томонидан ҳамкорлик учун муҳим асос сифатида кўриб чиқилиши билдирилди.
Музокаралар якунида томонлар эришилган келишувларни ўзаро англашув меморандуми билан мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган йўналишларда амалий ишларни бошлашга келишиб олди.
