Қурилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббуслар
2026-11-12 10:25:00 / Янгиликлар

Таъкидланишича, сўнгги 9 йилда-мамлакатимизда-15-мингта кўп квартирали уй фойдаланишга топширилиб, уларда 715 мингдан ортиқ хонадон яратилган. Барпо этилган бино ва иншоотларнинг умумий майдони 288 миллион квадрат метрдан ошган.
Айни пайтда қурилиш жараёнидаги объектларнинг умумий майдони 218 миллион квадрат метрни, улардаги хонадонлар сони эса 771 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Қурилиш соҳасида 420 та шаҳарсозлик нормаси ягона талабларга мувофиқлаштирилди ва 500 дан ортиқ янги норма ишлаб чиқилди.
Шунингдек, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали қурилиш жараёнлари рақамлаштирилиб, 24 та ахборот платформаси 22 та давлат органи билан интеграция қилинди. Лицензия бериш муддати 10 кундан 10 дақиқагача қисқарди.
Вазир халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қуйидаги олтита ташаббусни илгари сурди:
▪️ Саноат усулида уй-жой қурилиши ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича технологик ҳамкорликни кенгайтириш;
▪️ Қурилиш нормалари ва стандартларини яқинлаштириш, илмий-тадқиқот институтлари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш;
▪️ BIM технологиялари, сунъий интеллект ва рақамли бошқарув тизимларини ривожлантириш;
▪️ Мутахассислар тайёрлаш, қўшма таълим дастурлари ва академик алмашинувни йўлга қўйиш;
▪️ Замонавий шаҳарсозлик, муҳандислик инфратузилмаси ва Smart-city йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
▪️ “Марказий Осиё ва Хитой сейсмик муҳандислик ассоциацияси”ни ташкил этиш.
Айниқса, сўнгги ташаббус доирасида зилзилабардош қурилиш бўйича қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, муҳандислик тажрибасини алмашиш, сейсмик лойиҳалаш нормаларини яқинлаштириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш таклиф этилди.
Вазир Ўзбекистон ушбу йўналишларда ҳамкорлар билан фаол ишлашга, ўз тажрибасини улашишга ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
“Бизнинг умумий вазифамиз — шунчаки кўпроқ қуриш эмас. Муҳими, замонавий инфратузилма инсонга хизмат қиладиган, келажак авлодлар учун янги имкониятлар яратадиган хавфсиз, қулай, энергия тежамкор ва барқарор шаҳарларни барпо этишдир”, — деди Шерзод Ҳидоятов.

