“Марказий Осиё – Хитой” қурилиш вазирларининг иккинчи конференцияси бўлиб ўтди
2026-11-11 16:35:00 / Янгиликлар

Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Вазир ўз нутқида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Ушбу жараёнда қурилиш соҳаси, замонавий шаҳарлар барпо этиш, инфратузилмани ривожлантириш ва аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш борасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.
“Бугунги мулоқотимиз нафақат тажриба алмашиш, балки мамлакатларимиз қурилиш соҳасининг келажагини белгилаб берадиган қўшма ечимларни ишлаб чиқишга ҳам йўналтирилиши лозим”, — деди Шерзод Ҳидоятов.
Шунингдек, вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яхши қўшничилик, минтақавий интеграция ва ўзаро манфаатли шериклик давлат сиёсатининг устувор йўналишларига айланганини алоҳида таъкидлади.
Конференция доирасидаги мулоқотлар томонлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, технологик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қурилиш соҳасида янги қўшма ташаббусларни амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

