Ўзбекистоннинг рақамли ривожланиш борасидаги устувор йўналишлари тақдим этилди
2026-11-11 15:20:00 / Янгиликлар
Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро электр алоқа иттифоқининг 2026 йилги Мухтор вакиллар конференцияси (ITU PP-26) доирасида ташкил этилган юқори даражадаги ялпи мажлисда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов мамлакатимиз номидан расмий нутқ билан иштирок этди.

Вазир ўз нутқида Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш ва рақамли давлат хизматларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, АТ-хизматлар экспортини ошириш, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва уларни иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш йўналишларида эришилган натижалар ҳамда 2030 йилгача белгиланган стратегик мақсадлар тақдим этилди.
Нутқи давомида Ўзбекистоннинг рақамли трансформация бўйича тажрибаси, соҳани ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалари ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ёндашувлари халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди.

