Аграр соҳада ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
2026-11-11 09:25:00 / Янгиликлар

Мулоқот аввалида вазир Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муносабатлари бугун янги босқичга кўтарилаётгани, айниқса, қатор тармоқларда ўзаро манфаатли алоқалар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Учрашув давомида қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, замонавий технологиялар трансферини жадаллаштириш ва ақлли қишлоқ хўжалиги ечимларини амалиётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш йўналишида Хитой тажрибасидан фойдаланиш, ушбу соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ва экспорти ҳажмини ошириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Айниқса, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, илғор технологияларни маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш масалалари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.
Шунингдек, мулоқотда уруғчилик тизимини ривожлантириш, сифатли уруғлик материаллари етиштириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Хитой тажрибаси ва замонавий технологиялари асосида чорвачилик комплексларини барпо этиш, наслчилик ишларини такомиллаштириш, чорва маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ушбу йўналишларга инвестицияларни жалб этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида билдирилган таклифларни атрофлича ўрганиш, истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш ва ўзаро алоқаларни амалий лойиҳалар билан бойитиш муҳимлиги таъкидланди.


