Тошкентда аграр ва сув хўжалиги бўйича халқаро ўқув-амалий дастури бошланди
2026-11-02 11:15:00 / Янгиликлар

2–7 ноябрь кунларига мўлжалланган мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда “Агробанк” ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида ўтказилган очилиш маросимида мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлариги сув хўжалиги ва аграр соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий бошқарув усуллари, ресурс тежамкор технологиялар ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ўз нутқида иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш нафақат иқтисодий тараққиёт, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳам муҳим шартига айланганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг катта суғориладиган ер майдонига эга мамлакат ҳисобланади. Республика сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга сарфланади. Шу боис сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 4,3 миллион гектар суғориладиган ернинг 2,8 миллион гектарида, яъни 65 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган.
Вазир “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2025–2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш дастури доирасида белгиланган вазифаларга ҳам тўхталди.
Жумладан, сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларни 3,5 миллион гектарга, шу жумладан, томчилатиб суғориш майдонларини 853 минг гектарга етказиш, 20 та йирик сув хўжалиги объектида назорат-ўлчов ускуналарини модернизация қилиш, 15 та насос станциясида муқобил энергия манбалари ва энергия тежамкор қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган. Кўзда тутилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ҳар йили камида 11 миллиард куб метр сувни тежаш мақсад қилинган.
Шавкат Хамраев сув ресурсларини бошқаришда рақамлаштиришнинг ўрнига ҳам алоҳида тўхталди.
“Сувни самарали бошқариш уни аниқ ҳисобга олишдан бошланади”, дея таъкидлади вазир.
Шу мақсадда замонавий технологиялар билан жиҳозланган «Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази» ишга туширилгани, соҳадаги ахборот тизимлари маълумотларини жамлаш ва таҳлил қилиш учун “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси яратилгани маълум қилинди.
Шунингдек, трансчегаравий дарёлар ҳавзасида жойлашган мамлакатлар учун сув хавфсизлигини фақат ички чоралар билан таъминлаш етарли эмаслиги, бу борада қўшни давлатлар ўртасидаги ишонч, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва доимий мулоқот ҳал қилувчи аҳамият касб этиши қайд этилди.
Олти кунлик халқаро дастур доирасида иштирокчилар Ўзбекистоннинг қишлоқ ва сув хўжалигидаги тажрибаси билан бевосита танишади. Хусусан, “Сувчилар мактаби”да кадрлар малакасини ошириш тизими, “Agro New Drip” корхонасида замонавий сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилади.
Шунингдек, хорижий мутахассисларга “Сув ҳисоби” ахборот тизими, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, каналларни бетонлаштириш, сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва бошқариш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилади.
Дастурдан агрохизматлар, илмий лабораториялар, замонавий фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқариш корхоналарига ташрифлар ҳам ўрин олган. Иштирокчилар Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги илғор тажрибалар билан танишиб, ўз мамлакатларида қўллаш мумкин бўлган ечимлар юзасидан фикр алмашади.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати

