Олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-10-30 16:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки мамлакат ўртасида олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, университетлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд келишувларни амалий лойиҳалар билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 28 та олий таълим ташкилоти Польшанинг 40 га яқин университети ва илмий-таълим ташкилоти билан 70 дан ортиқ келишув ва меморандумлар асосида ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу алоқалар Erasmus+ каби халқаро таълим дастурлари доирасида ҳам ривожланиб бормоқда.
Томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилар экан, аввалги йилларда ўтказилган университетлар ректорлари форумларида эришилган натижалар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди. Жумладан, 2024 йил июль ойида Варшавада ўтказилган ректорлар давра суҳбатида 24 та икки томонлама ҳужжат имзоланган. 2025 йил апрель ойидаги иккинчи ректорлар форумида эса Ўзбекистоннинг 17 та ва Польшанинг 20 та университети иштирок этиб, 37 та ҳамкорлик келишувига эришилган.
Жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтказилган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё университетлари конгресси ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун муҳим майдон бўлди. Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон ва Польша олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ниятлар тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди.
Учрашувда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди. Хусусан, муҳандислик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва иқтисодиёт йўналишларида қўшма таълим дастурларини кенгайтириш, икки томонлама диплом бериш амалиётини ривожлантириш ҳамда ўқув дастурларини мувофиқлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, Польша ҳукуматининг стипендия дастурлари бўйича ахборот алмашинувини кучайтириш, ўзбекистонлик ёшлар ва олимлар учун таълим ҳамда илмий стажировка имкониятларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Илмий ҳамкорликни ривожлантириш, университетлар ва илмий ташкилотларнинг Erasmus+ ҳамда Horizon Europe каби халқаро дастурлардаги иштирокини кенгайтириш, қўшма тадқиқот лойиҳалари ва профессор-ўқитувчилар учун илмий стажировкаларни йўлга қўйиш ҳам муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Учрашув якунида университетлар ўртасида аввал эришилган келишувлар ижросини изчил давом эттириш, ҳамкорлик йўналишлари бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш ва қўшма ташаббусларнинг амалий натижадорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш икки мамлакат университетлари алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшлар учун янги таълим имкониятларини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.