Халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
2026-10-30 11:45:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида KOICA билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган юридик хизматлар учун муҳит яратиш ва салоҳиятни ривожлантириш” лойиҳасининг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан сунъий интеллектни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар, жумладан, қонунчилик ҳужжатларини машина ўқий оладиган форматга ўтказишга қаратилган “Law as Code” ташаббуси ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги адлия соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан, адлия тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Корея Эксимбанки билан “Ҳуқуқий бошқарувни сунъий интеллект асосида трансформация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари, жумладан, ҳуқуқий маълумотлар базаларини такомиллаштириш, Lex.uz тизимини ривожлантириш ҳамда идоралараро ахборот алмашинувини янада самарали ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар мазкур лойиҳаларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, илғор Корея тажрибасидан фойдаланиш, миллий мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга оширишда ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

