Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси вакиллари Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган Барқарорлик конференциясида иштирок этди
2024-10-09 11:10:00 / Янгиликлар

Ушбу конференция етакчи экспертлар, ҳукумат, фан ва бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти ҳамда халқаро ташкилотларни замонавий муаммоларга ечим ишлаб чиқиш учун бирлаштирувчи платформа бўлиб хизмат қилади. Тадбир 100 дан ортиқ мамлакатлардан 1600 га яқин иштирокчиларни ўзида жамлайди. Конференциянинг мақсади дунёнинг барча мамлакатлари томонидан биргаликда келишилган 2030 йилга қадар БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Конференция доирасида KfW Тараққиёт банки ижро кенгаши аъзоси Кристиан Лайбаҳ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда KfW Тараққиёт банки ижро кенгаши аъзоси Стефан Опитс ҳамда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: KfW Тараққиёт банки 60 йилдан ортиқ вақт давомида Германия федерал ҳукуматига ривожланиш сиёсати ва ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлик мақсадларига эришишда ёрдам бериб келмоқда. KfW тажрибали банк бўлиш билан биргаликда ривожланиш институти ҳам ҳисобланиб, молиялаштириш, ривожланиш сиёсати бўйича эксперт билимлари ҳамда кўп йиллик миллий ва халқаро даражадаги тажрибага эга.
Муҳокамалар давомида томонлар барқарор иқтисодий ўсиш, келгуси йиллар давомида бюджетни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим, аҳолини иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш, яшил ўсишни таъминлаш ҳамда энергетика соҳасини такомиллаштиришни ўз ичига олган Ўзбекистон-Гемания молиявий ҳамкорлиги юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳамда Германиянинг KfW тараққиёт банки ўртасида “Ижтимоий ва яшил ўсиш” дастури бўйича Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш юзасидан битим имзоланди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда бюджетни қўллаб-қувватлаш йўналишида доимий ҳамкорлик юритиш юзасидан келишиб олдилар.


