Аграр ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланди
2026-10-26 17:25:00 / Янгиликлар

Мулоқотда икки давлат ўртасидаги аграр ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Германиянинг илғор тажрибасини Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига жорий этиш, илмий-тадқиқот алоқаларини кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг январь–сентабр ойларида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари савдо айланмаси 61,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шунингдек, 2024 йил 15-сентабрда ветеринария ва чорвачилик соҳасида имзоланган меморандум икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Учрашувда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (АКИС) негизида Германия аграр марказини ташкил этиш, фермерларни молиялаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда аграр кредитлаш тизимига Германия тажрибасини жорий қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативларини бошқаришда илғор ёндашувлардан фойдаланиш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида технологиялар алмашинуви учун минтақавий платформа ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Таълим ва амалий тайёргарлик йўналишида Вайнштефан–Триздорф университети билан ҳамкорликда 200 бош қорамолга мўлжалланган, 50 гектар тажриба майдонини қамраб олувчи замонавий ўқув-амалий марказ ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Илмий ҳамкорлик доирасида Германиянинг Юлиус Кюн институти билан шоли етиштириладиган майдонларда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оралиқ экинларни етиштириш технологияларини такомиллаштириш, Хоэнхайм университети билан эса ингичка толали ғўза етиштиришда сув тежовчи ва рақамли агротехнологияларни жорий этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш истиқболлари юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишларда ҳамкорликни изчил давом эттириш, илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.

