Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар халқаро майдонда эътироф этилди
2026-10-22 09:30:00 / Янгиликлар

Мукофот озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аграр соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган ташаббускорларни эътироф этишга қаратилган.
Қувонарлиси, 2026-йилги мукофот лауреатлари қаторидан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам жой олди.
«World Food Prize Foundation» томонидан тақдим этиладиган ушбу мукофот озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги долзарб муаммоларга инновацион ечимлар таклиф этаётган олимлар, сиёсатчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари ва новаторларнинг фаолиятини эътироф этади. Бу йил 30 та мамлакатдан 40 нафар вакил мукофотга сазовор бўлди.
Мазкур эътироф Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва аграр тармоқни барқарор ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини намоён этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, илм-фан ва ва инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги ва озиқ-овқатга бўлган талабнинг ортиб бориши аграр соҳада инновацион ёндашувлар ва халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги ислоҳотлари ва ташаббусларининг халқаро майдонда эътироф этилиши мамлакатимизнинг глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссаси эътирофидир.

