БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-10-04 12:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда UNCTAD Бош котиби оффиси махсус маслаҳатчиси Эрика Мартинез Лиевано ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Каршибаев, Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича махсус вакили Азиз Урунов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) – Бирлашган Миллатлар ташкилоти котибияти таркибидаги ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, ривожланаётган мамлакатларнинг жаҳон савдосида манфаатларини ҳимоя қилади. Ташкилотнинг асосий мақсади ривожланишнинг барча жиҳатлари, хусусан, савдо, ёрдам, транспорт, молия ва технологиялар билан боғлиқ барқарор сиёсатни шакллантиришдир.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган, очиқлик тамойилларига асосланган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, шакллантирилаётган норматив-ҳуқуқий асослар, солиқ бошқаруви ва божхона тизимини такомиллаштириш, рақобат муҳитини яхшилаш, давлат қарзи бошқаруви ва молиявий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида Ўзбекистонда фаол иқтисодий ўсиш, камбағалликни қисқартириш, божхона соҳасида замонавий рақамли технологияларни жорий этишни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда белгиланган мақсадларда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олдилар.

