Ислом тараққиёт банки Президенти билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-10-19 09:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда IDBнинг операциялар бўйича вице-президенти Рами Аҳмад, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Нодирбек Очилов, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни илгари суришда банк билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, шунингдек, тармоқни замонавий техника ва ускуналар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ирригация тизимларини ривожлантириш, автомобиль йўллари ва қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш, ипотека бозорини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини молиялаштириш йўналишларидаги истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув доирасида Ислом тараққиёт банки билан Қишлоқ хўжалигини механизациялашни ривожлантириш лойиҳаси бўйича битим имзоланди.
Лойиҳа мамлакатда замонавий, самарали ва иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, муҳокамалар давомида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, исломий молиялаштириш воситаларини ривожлантириш ҳамда уларнинг молия секторида қўлланилиш имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, мурабаха ва ижара каби молиялаштириш механизмларини ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда белгиланган мақсадларга эришиш йўлида тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олдилар.
