DataVolt билан рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-19 09:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистонда замонавий маълумотлар марказларини ривожлантириш, рақамли инфратузилма имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар IT Park Uzbekistan ҳудудида қурилаётган маълумотлар марказининг жорий ҳолати, қурилиш ишларининг якуний босқичи ва лойиҳани белгиланган муддатларда ишга тушириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, объектни фойдаланишга топшириш муддатлари, ташкилий масалалар ҳамда очилиш маросимини ўтказиш режалари кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида мазкур лойиҳанинг Ўзбекистоннинг минтақавий рақамли инфратузилмани ривожлантиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди. Маълумотлар маркази нафақат маҳаллий бозорда ҳисоблаш қувватларига бўлган талабни қондириш, балки халқаро бозорларга рақамли хизматлар ва ҳисоблаш қувватларини экспорт қилиш имкониятларини ҳам кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, маълумотлар марказининг халқаро технологик компаниялар билан ҳамкорлигини ривожлантириш, илғор булутли хизматлар ва юқори унумли ҳисоблаш инфратузилмасини жалб этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичларини ҳамкорликда мувофиқлаштириш, мавжуд масалаларни ўз вақтида ҳал этиш ва маълумотлар марказини ишга туширишга тайёргарлик ишларини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

