Rhenus билан логистика ҳамкорлиги муҳокама қилинди
2026-10-14 14:30:00 / Янгиликлар

Музокаралар давомида томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди.
Хусусан, “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ ва “Rhenus” компаниялар гуруҳи томонидан ташкил этилган “UzContargo” МЧЖ қўшма корхонаси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Андижондаги юк терминалини реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда Ўзбекистонга юк етказиб бериш муддатларини қисқартириш мақсадида “яшил йўлаклар” ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда вазир Илҳом Махкамов “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳанинг амалга оширилиши жараёнига алоҳида тўхталиб, Андижонда замонавий логистика инфратузилмасининг ривожлантирилиши янги халқаро транспорт йўлагининг жозибадорлиги ва транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Андреас Штёкли Rhenus компаниясининг Тошкент вилояти, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида юк терминалларини ривожлантириш лойиҳаларида келгусида ҳам иштирок этишдан манфаатдор эканини билдириб,
Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт-логистика хабига айланиш борасидаги юқори салоҳиятини қайд этди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар транспорт-логистика соҳасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва истиқболли қўшма лойиҳалар устида ишлашдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

