Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик
2026-10-13 09:45:00 / Янгиликлар

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Грузия Бош вазирининг ўринбосари, Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили ҳамраислик қилдилар.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш, эркин савдо режимидан фойдаланиш ҳамда саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва молия соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Транскаспий транспорт йўналишини ривожлантириш ва Поти портида Ўзбекистон логистика марказини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур марказ орқали маҳсулотларни Европага илк синов тариқасида жўнатиш амалга оширилгани қайд этилди.
Шунингдек, саноат кооперацияси, авиақатновларни кенгайтириш, туризм ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2027 йил баҳорида Тошкент вилоятида ўтказиш режалаштирилган.


