Хива шаҳрида анъанавий «Қовун сайли» фестивали ўтказилди
2023-08-14 09:25:22 / Янгиликлар

Очилиш маросимида таъкидланганидек, фестивалда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган миришкор бободеҳқонлар ўзлари етиштирган 300 тоннадан ортиқ қовун, тарвуз, ошқовоқ каби полиз маҳсулотлари ҳамда мева-сабзавотлар билан иштирок этмоқдалар.
Шундан сўнг вазир Азиз Воитов кўргазма павильонларини кўздан кечирар экан, турли ҳудудлардан келган фермер ва бободеҳқонлар билан полиз маҳсулотларини етиштиришнинг нозик жиҳатлари, тилими тилни ёрадиган қовунларнинг ҳосилдорлигини ошириш учун агротехник тадбирларни ўтказишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида суҳбатлашди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Қовун сайли» фестивалида мезбон Хоразм вилояти бободеҳқонлари 1000 тоннага яқин маҳаллий Гурвак навли қовун турлари, 400 тоннадан ортиқ тарвуз, 200 тонна ошқовоқ ва 100 тоннадан ортиқ мева-сабзавотлари билан иштирок этишмоқда.
«Қовун сайли-2023» халқаро фестивали якунида иштирокчилар орасидан қуйидаги номинациялар бойича ғолиблар аниқланади:
Қовунчиликда янги иннновацион технологияларни жорий қилиш;
Қовунчиликда янги навларни маҳаллийлаштириш;
Қовунчиликда энг юқори ҳосилдорликка эришиш;
Қадимий анъанавий Хоразм қовунлари навларини тиклаш;
Энг яхши ёш қовунчи фермер.
Фестиваль ғолибларига Gentra, Nexia-3, Spark, Damas автомобиллари ҳамда қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномалар топширилади.

