Ўзбекистон ва Қозоғистон IT Парклари ҳамкорлиги муҳокама қилинди
2026-10-12 11:10:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, икки мамлакат IT Парклари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиёнинг ягона минтақавий АТ-макони сифатидаги салоҳиятини халқаро миқёсда намоён этиш масалалари асосий ўрин тутди.
Томонлар IT Park Uzbekistan ва Қозоғистоннинг Astana Hub IT Парклари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидладилар. Бунда икки мамлакатнинг IТ-экотизимлари ўртасида рақобатни кучайтиришдан кўра, ўзаро тажриба алмашиш, имкониятларни бирлаштириш ва бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлик моделини шакллантиришга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Хусусан, икки мамлакат стартаплари ва АТ-компанияларининг ҳамкорликда ривожланиши, Ўзбекистон ва Қозоғистон бозорларига ўзаро кириб бориши, қўшма лойиҳаларни амалга ошириши ҳамда халқаро бозорларга биргаликда чиқиши учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Бу орқали нафақат икки давлатнинг АТ-экотизимларини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиёнинг рақамли технологиялар соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.
Шунингдек, минтақадаги АТ-компаниялар ва стартапларни халқаро майдонда ягона минтақавий ҳамкорлик муҳити сифатида илгари суриш, хорижий инвесторлар ва технологик компаниялар эътиборини Марказий Осиёга жалб қилиш, шунингдек, минтақавий АТ-брендни шакллантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар рақамли инфратузилма, сунъий интеллект, маълумотлар марказлари ва инновацион лойиҳалар соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон АТ-экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва Марказий Осиёни халқаро технологик ҳамкорлик, инвестициялар ҳамда инновациялар учун истиқболли минтақавий марказ сифатида илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.


