Тиббиётдаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди
2026-10-09 10:50:00 / Янгиликлар

Мулоқотда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам ўзаро алоқалар тобора кенгайиб, янги мазмун билан бойиб бораётгани таъкидланди.
Жумладан, тиббий таълим, шифокорлар малакасини ошириш, фармацевтика тармоғи, бирламчи бўғинни ривожлантириш, она ва бола саломатлигини асраш каби йўналишларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Музокаралар чоғида Элдор Адилов кўп қиррали икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Улардан бири 100 нафар шифокор учун Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг етакчи тиббиёт муассасаларида онкология, нейрохирургия, трансплантология, кардиожарроҳлик, педиатрия ва бошқа йўналишлар бўйича қисқа муддатли стажировкалар ташкил этишни кўзда тутади.
Вазир бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва патронаж хизматини такомиллаштириш, чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, айрим дори воситаларига бўлган талабни прогнозлаш ҳамда уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганишни ҳам таклиф этди.
Бунинг учун ҳар бир йўналиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси тайёрланади.
— Ҳамкорлигимиз ўтказилган учрашув ёки имзоланган меморандумларнинг сони билан эмас, аниқ натижалар билан ўлчаниши керак, — деди Элдор Адилов.
Ўз навбатида, Акмарал Алназарова чегараолди ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини давом эттириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув якунида келгуси йиллар учун амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

