Давлатлараро сув ҳамкорлиги бўйича муҳим келишувларга эришилди
2026-10-09 09:15:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг сув хўжалиги соҳасига масъул вакиллари Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тақсимоти ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 2026 йилги вегетация даврида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув хўжалиги вазияти, сув ресурсларидан фойдаланиш кўрсаткичлари ва сув таъминотининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ахборот берди.
Вазир 2026–2027 йиллардаги вегетациялараро давр учун сув олиш лимитлари ҳамда сув омборлари каскадларининг прогноз иш режимларини ўзаро келишган ҳолда тасдиқлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, сув хўжалиги тизимларини мувофиқлаштирилган ҳолда бошқариш, сув ҳисоби ва мониторингини такомиллаштириш, гидропостларни модернизация қилиш ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш зарурлигини қайд этди. Гидрологик вазият ўзгарганда тезкор ахборот алмашиш ва маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Ушбу ташаббуслардан келиб чиқиб Шавкат Хамраев Ўзбекистон давлатлараро сув ҳамкорлиги механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан минтақанинг барча давлатлари билан конструктив мулоқотга тайёр эканини билдириб, уларни бу жараёнда фаол иштирок этишга чақирди.
Йиғилишда Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д. Генджиев, Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Н. Нуржигитов ҳамда Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг сув ва энергетика сиёсати бўйича бош бошқармаси бошлиғи Д. Абдураззоқзода ҳам сўзга чиқди.
Кун тартиби доирасида минтақадаги сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари саммитларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳисоботлар эшитилди.
Йиғилишнинг муҳим натижаси сифатида 2026–2027 йиллардаги вегетациялараро давр учун Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича давлатларнинг сув олиш лимитлари тасдиқланди.
“Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари раҳбарларининг 2026 йилги вегетация даврида сув олиш лимитларига риоя этилиши ва сув омборларининг амалдаги иш режимлари якунлари ҳақидаги ҳисоботлари тингланди.
Керки гидропостидан узатилаётган маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш, Амударёнинг юқори, ўрта ва қуйи оқимидаги истеъмолчиларнинг сув таъминотини мутаносиб бошқариш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, Сирдарё ҳавзасида сув ресурсларини автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимини жорий этиш бўйича ишлар режасини тайёрлаш жараёни маъқулланди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари саммитларида илгари сурилган ташаббуслар ижроси, Жамғарманинг Илмий-ахборот маркази ва ижро этувчи органлари фаолияти ҳам кўриб чиқилди.
Тадбирда 2026 йил декабрь ойида Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилган БМТнинг Сув конференцияси ва 2027 йил март ойида Ар-Риёдда ўтказилиши режалаштирилган 11-Жаҳон сув форумига тайёргарлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 96-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга келишилди.
Йиғилиш якунида тегишли баённома имзоланди.