Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III ялпи мажлиси бўлиб ўтди
2026-10-07 09:20:00 / Янгиликлар

Унда Россиянинг 17 та ҳудуди раҳбарлари ва вакиллари, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари вакиллари, шунингдек, икки мамлакатдан 400 га яқин тадбиркор иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг қутлов сўзларини Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров ўқиб эшиттирди.
Икки мамлакат делегацияларининг нуфузли таркиби тўғридан-тўғри ҳудудлараро алоқалар ва саноат кооперациясини кенгайтиришдан тортиб, савдо, инвестициялар ва қўшма лойиҳаларгача бўлган кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Тадбирнинг амалий якуни сифатида 4 та битим имзоланди. Улар Фарғона ва Омск вилоятлари, Сурхондарё вилояти ва Красноярск ўлкаси, Наманган вилояти ва Доғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни, шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Wildberries ўртасида «А» тоифасидаги логистика мажмуасини қуриш бўйича инвестиция битимини қамраб олади.
Ҳудудлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши Омск шаҳрида бўлиб ўтади.


