Ўзбекистон ва Россия маданият соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
2026-10-06 09:25:00 / Янгиликлар

Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Россия Федерацияси маданият вазири Ольга Любимова бошчилигидаги делегациялар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботиржон Асадов иштирок этди.
Йиғилиш аввалида икки мамлакат маданият вазирлари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб бораётганини таъкидладилар. Томонлар маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш ва янги йўналишларни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистон хореография академияси ректори Шухрат Тохтасимов, Ўзбекистон рақс санъати ижодий бирлашмаси ижодий раҳбари Чарос Джурабаева ва Москва хореография академияси ректори Светлана Захарова билан меморандум имзоланди. Ҳужжат икки академия ва ижодий бирлашма ўртасида таълим, ижодий лойиҳалар, тажриба алмашинуви, мутахассислар ҳамда талабалар билан ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Йиғилиш давомида ижрочилик санъати, ижодий таълим ва кинематография соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, «Маданият кунлари»ни мунтазам ўтказиш, ёш ижодкорлар ва ижодий жамоалар иштирокини кенгайтириш юзасидан келишилди.
Ижодий таълим йўналишида олий ва профессионал таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва мутахассислар алмашинувини кенгайтириш, қўшма маҳорат дарслари, семинарлар ва ижодий лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Кинематография соҳасида Ўзбекистон ва Россияда ўзаро «Кино кунлари»ни ташкил этиш, қўшма фильмлар ишлаб чиқариш, кино ва анимация студиялари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳамда халқаро кинофестивалларда ижодкорлар иштирокини қўллаб-қувватлаш масалалари белгиланди.
Томонлар, шунингдек, «Марказий Осиё + Россия», МДҲ ва ШҲТ доирасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, маданият соҳасидаги ҳуқуқий базани такомиллаштириш муҳимлигини қайд этдилар. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Россия маданият вазирликлари ўртасида 2027–2029 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Россия маданият вазирлари Озодбек Назарбеков ва Ольга Любимова томонидан Маданият масалалари бўйича кичик қўмитанинг олтинчи йиғилиши баённомаси имзоланди.
Мазкур учрашув ва эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали маданий-гуманитар ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, амалий лойиҳалар кўламини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ижодий ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


