S&P Global Ratings вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2026-09-30 14:30:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида Ўзбекистондаги жорий иқтисодий тенденциялар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, томонлар мамлакат иқтисодий ўсишининг барқарорлигини ошириш, ялпи ички маҳсулот ўсиши бўйича белгиланган мақсадларга эришиш ва узоқ муддатли иқтисодий истиқболларни таъминлаш, инфлацияни пасайтириш ҳамда унинг барқарор равишда паст даражада шаклланиши учун амалга оширилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Учрашувда фискал бошқарувни такомиллаштириш ва фискал стратегияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, давлат молиясини самарали бошқариш, фискал барқарорликни мустаҳкамлаш ва давлат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларни трансформация қилиш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини давом эттириш, хусусий секторни ривожлантириш ва унинг иқтисодиётдаги ролини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.
