Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди
2023-08-04 14:30:51 / Мажлислар

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврда аҳолининг ҳаёт даражасини янада ошириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, экологик барқарорликка эришиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган.
Давлат дастурида белгиланган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида ҳукумат ва парламент ўртасида яқин ҳамкорликда фаолият олиб борилди. Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва ҳукумат томонидан назорат-таҳлил тадбирлари доирасида кўтарилган масалаларни биргаликда ҳал этиш амалиётидан унумли фойдаланилган.
Ҳисобот даврида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари доирасида кўрилган чоралар туфайли ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,6 фоизни ташкил этган. Хорижий давлатларга товарлар ва хизматлар экспорти 7,7 миллиард долларни ташкил қилиб, ўсиш 112,5 фоизга етган.
Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар бажарилган. Хусусан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 78 мингга яқин ишсиз хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улардан 49 минг 611 нафари ички меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитилган.
Умумтаълим мактабларида соғлом овқатланиш тизимини амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 минг 263 та умумтаълим мактабининг 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчиси учун бепул овқатланиш тизими йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш соҳасидаги устувор йўналишлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 195 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” яратилган.
Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган мажлисда депутатлар Давлат дастурининг айрим бандларида белгиланган вазифаларнинг долзарблигидан келиб чиқиб, уларнинг ижроси тўлиқ таъминланиб, аниқ натижаларга эришилмагунига қадар келгуси чоракларда ҳам бу каби бандларни ижродан олиб ташламаслигини алоҳида қайд этишди.
Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини ошириш таклифи ҳам илгари сурилди.
Давлат дастурининг ижросига оид ҳисобот юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз нуқтаи назарини, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури ижроси юзасидан тақдим этган ҳисоботи маъқулланиб, Ҳукуматнинг тегишли фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.
