Ўзбекистон ОИИБ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш устувор йўналишларини белгилади
2026-09-30 11:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Қатар Давлатида бўлиб ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБн) Йиллик йиғилишида иштирок этди.
Тадбир дастури доирасида вазир Банк фаолиятини янада ривожлантиришга бағишланган бошқарувчилар давра суҳбатида сўзга чиқди. Таъкидланганидек, ОИИБннинг 111 та аъзо давлатни бирлаштирган дастлабки ўн йиллиги давомида мустаҳкам институционал ва молиявий пойдевор шакллантирилди. Янги босқичда асосий эътибор Банк томонидан молиялаштирилаётган ташаббусларнинг амалий самарадорлиги ва уларнинг аъзо мамлакатларнинг барқарор ривожланишига таъсирини оширишга қаратилиши лозим.
Устувор йўналишлардан бири лойиҳаларни тайёрлаш сифатини ошириш этиб белгиланди. Техник, молиявий ва ташкилий параметрларни дастлабки босқичларда пухта ишлаб чиқиш кейинги амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш, маблағлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда қўшимча капитални жалб этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш имконини беради. Шу муносабат билан истиқболли ташаббусларни шакллантириш босқичида ОИИБн томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий боғлиқликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Банкнинг транспорт, энергетика ва сув инфратузилмаси соҳасидаги трансчегаравий лойиҳалардаги иштирокини янада кенгайтириш тарафдори эканини билдирди. Бундай ташаббуслар савдо ҳажмларининг ўсишига кўмаклашиш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги янада чуқур интеграцияга хизмат қилиши мумкин.
Мазкур ёндашувнинг мантиқий давоми сифатида хусусий капитални янада фаол жалб этиш масаласи илгари сурилди. ОИИБннинг суверен бўлмаган молиялаштириш ҳажмини ошириш ҳамда Банк ресурсларидан хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Бундай ёндашув инвестициялар кўламини кенгайтириш ва уларни фақат давлат молиялаштириши билан чеклаб қўймаслик имконини беради.
Яна бир устувор йўналиш сифатида ОИИБннинг бевосита ҳудудлардаги иштирокини кучайтириш белгиланди. Лойиҳалар мураккаблашиб, инвестиция портфеллари кенгайиб бораётган шароитда ҳамкор мамлакатлар билан янада яқин ҳамкорлик қилиш ўзаро алоқаларнинг тезкорлигини ва ташаббусларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш сифатини ошириш имконини беради.
Ўзбекистон ОИИБн билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Банкнинг «Келажак инфратузилмаси» стратегик миссиясини қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади. Белгиланган ёндашувлар лойиҳаларни тайёрлаш сифатини ошириш, минтақавий инфратузилмани кенгайтириш ва хусусий инвестицияларни сафарбар этишга ўтишга хизмат қилади.

