Ўзбекистон–Туркия: аграр ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
2026-09-29 09:30:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, мавжуд имкониятлар ва истиқболда амалга оширилиши режалаштирилаётган қўшма лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда аграр ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хусусан, икки давлат ўртасидаги агроҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, чорвачилик ва озуқа базасини ривожлантириш, уруғчилик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, қурғоқчиликка чидамли экин навларини яратиш каби долзарб йўналишлар кўриб чиқилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро экспорти ва импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар сонини кўпайтириш, балиқчиликни ривожлантириш ҳамда илм-фан соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Туркия Республикаси қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмакли бошчилигидаги делегация Иброҳим Абдураҳмонов ҳамроҳлигида Тошкент давлат аграр университетига ташриф буюриб, талабалар учун яратилган таълим олиш шароитлари, замонавий инфратузилма ҳамда ёш мутахассисларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.


