Таълим соҳасида янги грант битими имзоланди
2026-09-28 17:35:00 / Янгиликлар

Тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кендзи Ҳирата, JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакай ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирок этди.
Лойиҳанинг асосий мақсади — Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, давлат бошқаруви ва стратегик соҳаларда фаолият юритаётган ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишдан иборат.
JDS лойиҳаси доирасида айни пайтда 52 нафар фуқаро Японияда таҳсил олишни давом эттирмоқда.
Навбатдаги танлов иқтисодиёт, бизнесни бошқариш, давлат сиёсати, тадбиркорлик ҳуқуқи, ахборот технологиялари ва бошқа устувор йўналишларни қамраб олади.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон–Япония таълимий ҳамкорлигининг бошқа муҳим йўналишлари, жумладан, япон тилини ўрганиш, олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, муҳандислик, сунъий интеллект ва замонавий ишлаб чиқариш технологиялари соҳаларида тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Томонлар қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда япон университетларининг Ўзбекистондаги фаолиятини ривожлантиришга келишиб олишди.


