Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-09-25 09:20:00 / Янгиликлар

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган учрашувда маданият ва санъат соҳасидаги Ўзбекистон–Туркия муносабатларининг бугунги ҳолати, мавжуд ҳамкорлик йўналишлари ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар икки мамлакат халқларининг муштарак тарихи, маданияти ва қадриятларига таянган ҳолда изчил ривожланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида 2018 йил 30 апрелда имзоланган «Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим» икки томонлама маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади. Шунингдек, 2024 йил 6 июнь куни расмий ташриф доирасида «Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида маданият соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги баённома» имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжатлар асосида сўнгги йилларда икки мамлакатнинг маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилиб, ўзаро маданий алмашинувлар, ижодий учрашувлар ва қўшма лойиҳалар кўлами кенгайиб бормоқда.
Мазкур ҳуқуқий асос доирасида маданият ва санъат соҳасида тажриба алмашиш, ижодий жамоалар ва санъаткорлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш, маданий тадбирлар ташкил этиш, кино, театр, мусиқа, адабиёт ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда. Учрашувда маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, икки мамлакат маданият муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ижодий алмашинувларни фаоллаштириш ҳамда қўшма маданий лойиҳаларни кўпайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги мавжуд ҳамкорлик механизмларидан самарали фойдаланиш, маданият ва санъатнинг турли йўналишларида янги ташаббусларни илгари суриш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув Ўзбекистон–Туркия маданий-гуманитар алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки қардош халқ ўртасидаги маданий мулоқотни кенгайтириш ва соҳадаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.


