Ўзбекистон ва Eutelsat OneWeb ҳамкорликни ривожлантиради
2026-09-24 14:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда, шунингдек, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Валид Фук ҳамда Франция–Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (CCIFO) президенти Алишер Ҳаитметов ҳам учрашувда қатнашди.
Учрашувда сунъий йўлдош технологияларидан фойдаланиш орқали мамлакатнинг телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, юқори тезликдаги интернет қамровини кенгайтириш ҳамда муҳим рақамли тизимлар барқарорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, GEO ва OneWeb LEO сунъий йўлдош ечимларини жорий этиш орқали олис аҳоли пунктлари, мактаблар ва тиббиёт муассасаларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш, шунингдек, транспорт ва авиация соҳаларида ишончли алоқа хизматларини ривожлантириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур технологиялар, айниқса, анъанавий ер усти телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш имконияти чекланган ҳудудларда рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, давлат хизматлари ва ижтимоий инфратузилманинг узлуксиз ишлашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, GEO ва LEO сунъий йўлдош технологияларидан миллий телекоммуникация тармоқлари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ҳамда бошқа муҳим инфратузилма объектлари учун қўшимча ва захира алоқа каналларини ташкил этишда фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилди. Бу ечимлар миллий алоқа тизимларининг барқарорлиги ва ишончлилигини ошириш, жумладан, халқаро захира уланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашувда, шунингдек, GEO ва LEO сунъий йўлдош ечимлари асосида Ўзбекистоннинг нафақат ички эҳтиёжларини қамраб олувчи, балки минтақа мамлакатларига ҳам алоқа хизматларини тақдим этишга хизмат қилувчи ҳудудий телекоммуникация маркази сифатидаги салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сунъий йўлдош алоқаси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмасини мустаҳкамлаш билан бирга, мамлакатнинг минтақавий рақамли боғлиқликни таъминлашдаги ролини ошириш учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири – Eutelsat OneWeb компаниясининг Ўзбекистонда маҳаллий ҳамкори UZSAT орқали фаолият юритаётгани ва хизматларни жорий этишга тайёрлигидир. Компания хизматларни яқин вақт ичида фаоллаштиришни бошлашни кутмоқда.
Бу эса томонлар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат истиқболдаги режалар, балки мавжуд ҳамкорлик ва инфратузилма асосида амалий босқичга ўтиш имкониятига эга эканини кўрсатади. Хизматларнинг ишга туширилиши мамлакатда сунъий йўлдош алоқаси имкониятларини кенгайтириш ва тегишли йўналишларда амалий лойиҳаларни бошлаш учун замин яратади.
Учрашув якунида томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми (MoU) имзоланди. Ҳужжат сунъий йўлдош алоқаси, рақамли инфратузилма ва илғор телекоммуникация ечимларини жорий этиш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
Меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Eutelsat OneWeb ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Eutelsat OneWeb делегацияси таркибидан МЕNА, Марказий Осиё ва Хитой минтақалари бўйича савдо вице-президенти Ҳани Эл Аржа ҳамда компаниянинг катта савдо директори Аҳмет Эрен ўрин олди.
Томонлар сунъий йўлдош технологиялари, телекоммуникациялар ва рақамли трансформация йўналишларида мулоқотни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмаси қамрови, сифати ва барқарорлигини оширишга қаратилган амалий лойиҳаларни илгари суришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.


