Тошкентда «Golden Globes Silk Road Tribute Gala» халқаро тадбир ўтказилади
2026-09-24 09:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда компаниянинг халқаро йўналиш ва махсус халқаро лойиҳалар учун масъул вакиллари Даря Богданова ва Виктория Новиская иштирок этди. Мулоқот давомида, жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган «Golden Globes Silk Road Tribute Gala» халқаро тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.
Томонлар мазкур тадбир Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси кино ва телевидение соҳасидаги ижодий ютуқларни халқаро майдонда намойиш этиш, мамлакатлар ўртасидаги профессионал алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги ҳамкорлик лойиҳаларига йўл очишини таъкидладилар.
Учрашувда тадбирни ташкил этишда Маданият вазирлиги кўмаклашувчи томон сифатида иштирок этиши, асосий ташкилий жараёнлар халқаро ташкилотчилар томонидан амалга оширилиши белгилангани қайд этилди. Шунингдек, ташкилий масалаларда Кинематография агентлигини масъул ташкилот сифатида белгилаш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Таъкидланганидек, «Golden Globes Silk Road Tribute Gala» халқаро тадбирининг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро маданий имижини мустаҳкамлаш, миллий санъат ва кино салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, мамлакатнинг туристик имкониятларини халқаро аудиторияга намойиш этиш ҳамда киноиндустрия соҳасида янги халқаро ҳамкорликларни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

