Энергетика вазирлигида Хитойнинг “China Datang” компанияси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
2024-09-23 09:30:00 / Янгиликлар
Унда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров ва тизим ташкилотлари раҳбарияти ҳамда Хитойнинг “China Datang Overseas Investment” компанияси раиси Зоу Лей бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасида барча соҳалар қатори энергетика тармоғида, хусусан, “яшил” энергетикани ривожлантириш борасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, бу борада икки мамлакат раҳбарларининг мазкур соҳаларни фаол қўллаб-қувватлаётганликлари ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани алоҳида қайд этилди.
Хусусан, олиб борилган ишлар натижасида бугунги кунда Хитойнинг “Gezhouba Overseas Investment Group” компанияси томонидан Қашқадарё вилоятининг Нишон ва Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та (жами 1000 МВт) қуёш фотоэлектр станцияси қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда улар Ўзбекистон энергетика тармоғига тўлиқ қувватларда “яшил” электр энергиясини етказиб бермоқда.
Учрашувда Тошкент вилоятининг Бўка туманида 263 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини ва Навоий вилоятидаги 1000 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, янги инвестиция лойиҳаларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш, электр энергетика соҳасида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш, замонавий электр техника ускуналари ҳамда жиҳозлари учун техник стандартларни тайёрлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Учрашув якунида ушбу лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди ҳамда ҳамкорликнинг асоси сифатида иккита Англашув меморандуми имзоланди.