Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Японияга ташрифига оид
2026-09-21 10:05:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида ТИВ раҳбари Япониянинг таниқли сиёсатчиси, Япония Либерал-демократик партияси вице-президенти, Ўзбекистон-Япония парламентлараро дўстлик лигаси раиси Таро Асо билан учрашди. Унда Ўзбекистон-Япония стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга оширишда парламент дипломатиясининг муҳим ўрни қайд этилди.
Шунингдек, Япониянинг нефть, газ ва металлар соҳасидаги стратегик ресурслар хавфсизлигини таъминлашга ихтисослашган «JOGMEC» корпорацияси раиси ва бош ижрочи директори Ичиро Такаҳара билан учрашув ўтказилди. Музокараларда Ўзбекистонда геология-қидирув ишларини кенгайтириш, муҳим минералларни ўзлаштириш ва ушбу соҳаларга илғор япон технологияларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Минерал хомашёни бойитиш ва қайта ишлаш, металлургия маҳсулотлари сифатини ошириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.
Ташриф доирасида Япониянинг хорижий кадрларни тайёрлаш, танлаш ва ишга жойлаштиришга ихтисослашган «Onodera User Run» компанияси президенти Жун Като билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон фуқароларини Японияда иш билан таъминлаш бўйича компания лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида янги таълим марказларини ташкил этиш ва ёшларни касбий тайёрлаш кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш, бандлик ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янги лойиҳалар билан бойитишга тайёрлик билдирилди.
Токиода Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танака билан музокаралар ўтказилди. Унда 2030 йилгача мўлжалланган Ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни жадаллаштириш, соғлиқни сақлаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Япония бизнес федерацияси - «Кейданрен» раиси Такеши Хашимото ҳамда Япониянинг етакчи компаниялари раҳбар ва вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди. Унда «Mitsui O.S.K. Lines», «Sojitz», «All Nippon Airways», «Shimizu», «JETRO», «Sumitomo», «JBIC», «Toyo Engineering», «Toyota Tsusho», «Marubeni», «Mitsui», «Mitsubishi» ва бошқа йирик япон компаниялари вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон-Япония иқтисодий ҳамкорлигини янада кенгайтириш, япон компанияларининг мамлакатимиздаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Энергетика, транспорт ва логистика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Япония ташқи ишлар вазири Тошимитсу Мотеги билан Ўзбекистон-Япония ташқи ишлар вазирларининг иккинчи Стратегик мулоқотини ўтказди. Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, икки томонлама сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, «Марказий Осиё + Япония» формати доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро майдондаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Япония Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2027–2028 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди. Ҳамкорлик дастури Ўзбекистон–Япония кенгайтирилган стратегик шериклигини янги мазмун билан бойитиш ва олий олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга оширишга хизмат қилади.


