Ўзбекистон-Сурия бизнес-форуми
2026-09-21 09:35:00 / Янгиликлар

Сурия томонидан тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника ҳамда бошқа тармоқларда фаолият юритаётган 30 дан ортиқ йирик компания раҳбарлари иштирок этди. Тармоқларнинг кенг қамровда намоён бўлиши муҳокамаларни савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларига қаратиш имконини берди.
Нутқларда форум бир кун аввал ҳукуматлараро музокаралар доирасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлгани таъкидланди. Имзоланган Қўшма иқтисодий ва савдо қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум ҳамда тузилган Ишбилармонлар кенгаши икки мамлакат давлат идоралари ва бизнес вакилларининг мунтазам ҳамкорлиги учун институционал асос яратди.
Янги кўргазма ва савдо майдончалари компаниялар ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади. 2027 йил февраль ойида Ҳалаб ва Дамашқ шаҳарларида «Made in Uzbekistan» кўргазмасини, шу йил давомида эса Тошкентда Сурия маҳсулотлари кўргазмасини ўтказиш режалаштирилмоқда. Ҳалаб шаҳрида фаолият юритаётган Ўзбекистон савдо уйининг ўрни алоҳида таъкидланди. У мамлакатимиз маҳсулотларини илгари суриш, ҳамкорлар топиш ва янги ташаббусларни ривожлантириш учун доимий майдон бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.
Форум давомида тадбиркорларнинг икки мамлакат бозорларига чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чоралар ҳам белгиланди. Ўзбекистон компанияларига омборлар ижараси, сертификатлаштириш ва ташиш харажатларини субсидиялашни ўз ичига олган кўмак кўрсатиш назарда тутилган. Ўзбекистонда фаолият юритишга қизиқиш билдирган Сурия бизнесига маҳаллий ҳамкорларни топиш, музокаралар ташкил этиш ва лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам берилади.
Тармоқлар бўйича ҳамкорлик масалаларини тизимли равишда ишлаб чиқиш учун икки мамлакат вазир ўринбосарлари раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилган. Унинг фаолияти аниқ лойиҳалар, компаниялар ва амалий ечимларга қаратилади. Асосий ташаббуслар ва кейинги қадамларни ягона Йўл харитасига бирлаштириш орқали белгиланган чора-тадбирларнинг мувофиқлаштирилган ҳолда бажарилишини таъминлаш режалаштирилмоқда.
Бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликнинг дастлабки натижалари ҳам алоҳида қайд этилди: компаниялар ўртасида савдо ва инвестиция соҳаларида келишувларга эришилган. Эндиликдаги асосий вазифа — уларни шартномалар, маҳсулот етказиб бериш ва инвестиция қарорларига айлантириш орқали ҳамкорлик кўламини изчил кенгайтиришдан иборат.
Форумнинг ишбилармонлик дастури B2B ва B2G учрашувлари билан давом этди. Музокараларда аниқ маҳсулот ва лойиҳалар, салоҳиятли ҳамкорларни топиш ҳамда кейинги қадамларни келишиб олиш масалалари диққат марказида бўлди.


